Инха Университети ва “Асака” банк ўзаро ҳамкорлик меморандумини имзоладилар

Дата: 09:54, 07-09-2016.

Тошкент. 7 сентябр. ЎзТАГ – Тошкент шаҳридаги Инҳа университети (IUT) ва “Асака” акциядорлик тижорат банки бугун ўзаро англашув тўғрисидаги меморандумни имзолашди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

IUT маълумотларига кўра, меморандумни Тошкент шаҳридаги Инҳа университети ректори Шерзод Шерматов ва “Асака” акциядорлик тижорат банки Бошқарув раиси Азим Ахмедхаджаев имзолашди.

Меморандум доирасида томонлар бир қанча йўналишлар бўйича ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйишни режалаштиришмоқда. Шундай йўналишлардан бири Тошкент шаҳридаги Инҳа университетининг иқтидорли талабалари учун бакалавриат ва магистратурадаги ўқишлари давомида грантлар тақдим этиш бўлади.

Бундан ташқари, томонлар университет талабаларини жалб этган ҳолда банк фаолиятини ривожлантириш ва тарғиб этишга йўналтирилган дастурий маҳсулотларни ишлаб чиқиш, татбиқ этиш ва қўллаб-қувватлаш ҳамда кейинчалик янада такомиллаштиришга, талабаларнинг амалий кўникмаларини мустаҳкамлашга келишиб олишди.

Шунингдек, томонлар банк соҳасида инновацион ечимларни татбиқ этиш бўйича ҳамкорликдаги лойиҳаларни амалга ошириш, мобил банкинг ва интернетни ривожлантириш, банк фаолиятида бизнес-жараёнларни оптималлаштириш ва бошқарув ечими сифатларини ошириш мақсадида бизнес жараёнлар реинжиниринги (BPR) бўйича услубиётларни жорий этиш ва BI-тизимларни (Business intelligence) татбиқ этиш борасида ҳам ҳамкорлик қиладилар.

Икки ташкилот ўртасидаги ҳамкорликнинг яна бир йўналиши сифатида банк соҳасида замонавий ахборот-коммуникация технологияларини комплекс татбиқ этиш ва улардан самарали фойдаланиш бўйича банк ходимларини ўқитиш ва малакасини ошириш йўналишини кўрсатиш мумкин.

Янгилик билан ўртоқлашиш: