Инха Университети Википедия учун Ўзбекистон ҳақида мақолалар ёзишни рағбатлантиради
Тошкент. 25 феврал. ЎзТАГ – Тошкентдаги Инха Университети Википедия учун Ўзбекистон ҳақида мақолалар ёзишни рағбатлантиради, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
“Википедия интернетдаги энг асосий маълумотлар манбаи ҳисобланади. Жуда кўп фойдаланувчилар у ердан ахборот олишади. Шу билан биргаликда, Ўзбекистонга боғлиқ мавзулардаги ахборотлар у ерда қанчалик тўлиқ ва холисдир? Оддий мисол: Ўзбекистон аҳолиси сони бўйича дунёда 43-ўринда турсада Ўзбек тилидаги Википедияда атиги 128 минг атрофида мақола бор экан, масалан, Швеция аҳолиси сони бўйича 90-ўринда турсада Швед тилидаги Википедияда 2,8 млн.дан ортиқ мақола бор! Шунинг учун, Инха университети талабалари орасида Википедияга Ўзбекистонга боғлиқ мавзуларда мақолалар киритиш бўйича танлов эълон қилдик ва энг кучли 3 нафар талабага Кореядаги Инха Университети Ёзги мактабида бепул қатнашиш имконияти берилади”, - деб хабар қилди пойтахт ОТМ ректори Шерзод Шерматов ўзининг Facebookдаги саҳифасида.
Аниқлаштирилишича, инглиз, рус ва ўзбек тилларидаги энг яхши мақолалар учун 3 совринли ўрин берилади.


