Инновацияларни жорий қилиш маркази ва янги вазирлик Тошкентдаги талабалар шаҳарчасида жойлашади

Дата: 15:44, 04-12-2017.

Тошкент. 4 декабр. ЎзТАГ – Инновацияларни жорий қилиш маркази ва янги инновация ривожлантириш вазирлиги Тошкентдаги талабалар шаҳарчасида жойлашади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Ушбу муассасада илмий-консультатив, иқтисодиёт тармоқлари инновацион эҳтиёжларини ўрганиш, ёшлар инновацион ғояларини қўллаб-қувватлаш хизматлари, масофавий таълим курслари йўлга қўйилади. Иқтидорли ёшлар бу ерда янги ишланма ва технологиялар билан танишиш баробарида стартап лойиҳаларида иштирок этиш имкониятига эга бўлади.

“Халқимиз дунёқарашида инновация муҳитини яратиш энг муҳим вазифамиздир. Инновация бўлмас экан, ҳеч бир соҳада рақобат, ривожланиш бўлмайди. Бу соҳадаги ўзгаришларни халқимизга кенг тарғиб қилмасак, одамларда кўникма пайдо қилмасак, бугунги давр шиддати, фан-техниканинг мислсиз ютуқлари билан ҳамқадам бўлолмаймиз. Шунинг учун ушбу фаолиятни замон талаблари даражасида ривожлантириш янги вазирлик, қолаверса, ушбу марказнинг асосий вазифаси бўлиши керак”, деди Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев.

Шунингдек, давлат раҳбари марказни ёшлар ва бутун зиёлилар қатлами учун янада қулай қилиб лойиҳалаштириш, ҳудудда инновацион ютуқлардан фойдаланган ҳолда шароитлар яратиш бўйича муҳим топшириқлар берди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: