Интеллектуал мулк агентлигида халқаро семинар ўтказилди
Тошкент. 30 сентябр. ЎзТАГ - 27-28 сентябр кунлари Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлиги Бутунжаҳон интеллектуал мулк ташкилоти (БИМТ) билан ҳамкорликда "Интеллектуал мулк соҳасидаги профессионал тайёргарлик ва таълим" мавзуида халқаро семинари ўтказилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
“Семинарнинг асосий мақсади инновацион ва ижодий фаолиятни ривожлантиришда интеллектуал мулкнинг роли ва аҳамияти, университет ва олий таълим даргоҳларида ушбу соҳада таълим беришнинг муҳимлигини инобатга олган ҳолда интеллектуал мулк соҳасидаги таълим бериш тизимини таҳлил қилиш, бу борадаги республикадаги ва хорижий таълим муассасаларининг ўқитиш стандартлари, усул ва тизимларини ўрганиш, интеллектуал мулк соҳасини янада батафсилроқ тушунтириш, халқаро тажрибани ўрганиш борасида етакчи мутахассислар билан тажриба алмашишдан иборат”, - дейилади агентлик хабарида.
Тадбир сўнггида жаҳон миқёсида интеллектуал мулк соҳасида таълим беришнинг ривожланиш истиқболлари, интеллектуал потенциал ва таълим олишга эҳтиёжнинг ошиб боришини инобатга олган ҳолда университет ва олий таълим муассасаларида интеллектуал мулк соҳасида таълим беришни такомиллаштириш бўйича долзарб масалаларни муҳокама қилиш, таълим тизимида интеллектуал мулк соҳасига доир материалларни кўпайтириш ва умумлаштириш ҳамда интеллектуал мулк соҳасида таълим бериш бўйича ўқув дастурлари ва ўқув режалари тузиш бўйича хорижий мутахассислар томонидан тегишли таклиф ва тавсиялар берилди.