Интернет-дўконлардаги ўзбек товар ва хизматларини хориждан туриб сотиб олиш мумкин бўлади
Тошкент. 6 июл. ЎзТАГ – Ўзбекистон Миллий банки (ЎМБ) электрон тижорат соҳасида фаолият юритаётган маҳаллий тадбиркорлар учун янги хизмат турини жорий қилмоқда. Яқин орада Интернет-дўконлардаги ўзбек товар ва хизматларини хориждан туриб сотиб олиш мумкин бўлади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
“Тадбиркор ёки ҳунарманд ўз маҳсулотини интернет орқали халқаро пластик карталар ёрдамида сота олиши учун ЎМБ билан тегишли шартнома тузиши зарур бўлади. Шундан сўнг банк унга махсус илова бериб, иловани тадбиркор ёки ҳунарманднинг Интернет-дўконида жойлаштириш лозим бўлади. Карта фойдаланувчиси илова тугмасини босганида расмийлаштириш сўрови харид саҳифасига йўлланади”, – деб таъкидланади банк матбуот хизмати хабарида.
Бу, бутун дунёдаги “Visa” карталари эгаларига “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” белгиси остидаги товарларни сотиб олишга имкон беради. Барча хорижий валютадаги тушум тадбиркорларнинг ЎМБдаги транзит ҳисоб рақамларига туширилиб, кейинчалик уларнинг бошқа маҳаллий банклардаги асосий ҳисоб рақамларига ўтказилади. Электрон тижорат Интернет майдончасига уланганлик учун унча катта бўлмаган фоиз олинади.