Инвестиция визаси эгалари Ўзбекистонда 10 йил яшаш учун рухсатнома олишади

Дата: 10:39, 15-10-2019.

Тошкент. 15 октябрь. ЎзТАГ – Инвестиция визаси эгалари Ўзбекистонда 10 йилга яшаш учун рухсатнома олишади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Адлия вазирлигининг маълумотларига кўра, ҳукуматнинг айрим қарорларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди (864-сонли, 11.10.2019 й.). Президентимизнинг 2019 йил 17 январдаги 5635-сонли фармони билан хорижий инвестицияларни киритган шахслар учун "инвестиция визаси" жорий этилди ва киритилган қўшимчаларга мувофиқ ушбу виза бериш тартиби ва унга алоқадор имтиёзлар белгиланди.

"Киритилган ўзгартишларга кўра, 3 млн доллар сармоя киритган хорижлик фуқарога Ўзбекистонда 10 йил муддатга яшаш учун рухсатнома (илгари барча хорижлик фуқаролар учун 5 йил муддат берилган) берилади", - дейилади хабарда.

Шунингдек, фармонга мувофиқ, инвестиция визаси ички ишлар ҳудудий органлари томонидан берилади ва узайтирилади. Визани олиш ва узайтириш учун белгиланган намунадаги сўровномага, чет эл инвестициялари иштирокидаги корхонадан ариза, шунингдек, киритилган инвестициялар тўғрисидаги тегишли маълумотномалардан бирига ва миллий паспортни тақдим этиш лозим бўлади.

Бундан ташқари, ушбу визага эга бўлган хорижий инвесторлар, шунингдек, уларнинг оила аъзолари олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган пайтда Ўзбекистон фуқаролари учун назарда тутилган шартларда стипендия ва олий ўқув юртидан кейинги таълим олиш ҳуқуқига эга.

Сурат манбаи: megaidei.ru

Янгилик билан ўртоқлашиш: