Инвесторлар Ўзбекистонда тиббиёт муассасаларига инвестициялар киритишлари мумкин

Дата: 14:33, 17-05-2019.

Тошкент. 17 май. ЎзТАГ – Энди инвесторлар Ўзбекистондаги исталган давлат тиббиёт муассасаларига инвестиция киритишлари мумкин, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан Миллий матбуот марказида ташкил этилган "Хусусий тиббий туризмни ривожлантириш, ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва янада рағбатлантириш масалалари" мавзусидаги матбуот анжуманида шулар хусусида сўз юритилди.

"Бу соҳада 2019-2025 йилларда Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш концепциясида белгиланган барқарор йўналишлар ижроси муҳим аҳамият касб этади. Хусусан, хусусий соғлиқни сақлаш, давлат-хусусий шериклик ва тиббий туризм тизимини ривожлантириш, соғлиқни сақлаш соҳасига инвестицияларни кенг жалб этиш ва рақобат муҳитини яхшилаш учун қулай шарт-шароитлар яратиш бўйича изчил ишлар амалга оширилади. Жиддий эътибор рақобатни шакллантириш, махсус тиббий хизматни ривожлантириш, хусусий шифохоналар сонини оширишга қаратилмоқда", - дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабарида.

Матбуот анжуманида таъкидланганидек, энди инвесторлар ўзлари учун қулай муҳитда, ҳар қандай давлат тиббиёт муассасаларига инвестиция киритиш имкониятига эга. Хусусий шерикни танлаб олиш тендер ёки тўғридан-тўғри музокаралар ўтказиш асосида амалга оширилади. Шартноманинг амал қилиш муддати давлат ва хусусий шерик томонидан белгиланади, у уч йилдан кам бўлмаслиги ва 49 йилдан ошмаслиги керак.

Бундан ташқари, матбуот анжуманида маҳаллий тиббиёт муассасалари инфратузилмасини такомиллаштириш, халқаро талаблар асосида тиббий асбоб-ускуналар ва технологияларни такомиллаштириш, кадрлар малакасини ошириш, беморларда давлат ва хусусий тиббиёт муассасалари ўртасида танлов қилиш имконияти пайдо бўлиши каби қатор ижобий ўзгаришлар юз берди.

Сурат манбаи: minzdrav.uz

Янгилик билан ўртоқлашиш: