“Ипак Йўли” банкининг барқарор кредит рейтинги тасдиқланди
Тошкент. 26 феврал. ЎзТАГ – “Ипак Йўли” ўзбек акционерлик инновация банкининг миллий шкала бўйича 2014 йил IV чорагидаги кредит рейтинги “барқарор” прогнози билан “uzA+” даражасида тасдиқланди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
“Ahbor-Reyting” рейтинг агентлигидан хабар қилишларича, бу банк кредитлаш қобилиятининг жуда юқори даражаси ва кредит таваккалчиликлари қуйи даражадалигини билдиради.
Берилган рейтинг банкнинг бозордаги юқори ишбилармонлик фаоллиги, етакли даражада капитализацияси ва мувозанатли ликвидлик даражасини кўрсатади. Шу билан бирга, рейтинг активларнинг тез ўсиши ва янги активлар сотиб олиш билан боғлиқ хавфларни ҳам акс эттиради.
Ўтган йилнинг IV чораги якунлари бўйича банк активлари 1,28 трлн сўмга етган бўлиб, бу 2013 йилдаги муқобил кўрсаткичдан 25,34% кўп. Шу билан бирга, даромад келтирувчи активлар 48,71% ошган ва уларнинг активлар ялпи ҳажмидаги улуши 66,59% ташкил қилган.


