“Ипак Йўли” ўзбек банки ЕТТБ билан $20 млнлик заём битими имзолади
Тошкент. 19 октябр. ЎзТАГ – “Ипак Йўли” ўзбек банки Европа Тикланиш ва Тараққиёт банки (ЕТТБ) билан кичик ва ўрта бизнесни кредитлаш учун $20 млн ҳажмидаги заём битимини имзолади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
ЕТТБнинг Ўзбекистондаги кичик ва хусусий бизнесни қўллаб-қувватлаш учун ўзининг илк синдикат кредити 15 октябрда имзоланди.
Ўзбек банкидан маълум қилишларича, ушбу кредит икки қисмдан иборат бўлиб, $10 млнгача бўлган биринчи қисмини ЕТТБнинг ўз маблағлари ташкил қилади, кредитнинг $10 млн ҳажмидаги иккинчи қисми Нидерландия Тараққиёт банки (FMO) маблағлари ҳисобига шакллантирилади.
Битим, банк кичик ва хусусий бизнесни кредитлашнинг турли соҳаларини, шу билан бирга Ўзбекистонда молиявий институтларни ривожлантириш дастури доирасида таваккални бошқаришни қамраб олувчи махсус техник ёрдам олишини кўзда тутади.
Эслатиб ўтамиз, ўзбек банкининг ЕТТБ билан ҳамкорлигига 2001 йили пойдевор қўйилган бўлиб, микро ва кичик корхоналар учун микрокредитлаш дастурини жорий этиш бўйича банкка техник ёрдам кўрсатишдан бошланган эди.
“Ипак Йўли” банки 1990 йили асос солинган универсал тижорат банки ҳисобланади. 2018 йилнинг 1 октябрь ҳолатига кўра, банкнинг умумий активлари 3,3 трлн сўмни ташкил қилди, банк томонидан берилган кредитларнинг жорий қолдиғи 2,4 трлн сўмга етди. Банкнинг филиаллар тармоғи Ўзбекистоннинг турли шаҳарларида жойлашган 15та филиал ва 53та экспресс-марказни ўз ичига олади.
Сурат манбаи: https://uzreport.news