“Ипотека-банк” ўзбек банкининг активлари деярли 1 трлн сўмга ўсди

Дата: 17:16, 25-08-2016.

Тошкент. 25 август. ЎзТАГ – 2016 йилнинг биринчи ярми якунлари бўйича “Ипотека-банк” ўзбек акционерлик тижорат ипотека банкининг активлари бир йил олдинги кўрсаткичга нисбатан 956,6 млрд сўмга ўсиб, 6,76 трлн сўмни ташкил қилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Банк маълумотларига кўра, ҳисобот даврида банкнинг умумий капитали 78 млрд сўмга ўсиб, 439 млрд сўмга етди.

Банк томонидан жорий йилнинг биринчи ярим йиллиги давомида инвестицион лойиҳаларни молиялаштиришга 358,4 млрд сўм миқдорида кредитлар ажратилди. Уларнинг асосий қисми қурилиш, енгил саноат, автомобилсозлик, тоғ-кон, нефт-газ, кимё, энергетика, озиқ-овқат, фармацевтика саноати, транспортга йўналтирилди.

Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига 595,5 млрд сўм миқдорида кредит маблағлари ажратилди. Шу жумладан, аёллар тадбиркорлигини ривожлантиришга 65,9 млрд сўм, хизмат кўрсатиш ва сервис соҳаларини ривожлантириш учун 102,4 млрд сўм, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини ўз фаолиятларини йўлга қўйишлари учун 12,1 млрд сўм миқдорида кредитлар ажратилди. Натижада 8 мингдан зиёд янги иш ўринлари яратилди.

Ҳозирги кунда банкнинг 38та филиал, 153та мини-банк, 575та чакана банк хизматлари кўрсатувчи шаҳобчалари мавжуд. Банк мижозлари сони 86 мингдан ошди. Бу йил бошидагига қараганда 5,2% кўпдир.

Янгилик билан ўртоқлашиш: