Қирғиз-ўзбек чегарасидаги “Баймак-автойўлчи” ўтиш пункти ўз фаолиятини соддалаштирилган тартибда қайта тиклади

Дата: 13:09, 18-09-2017.

Тошкент. 18 сентябр. ЎзТАГ – Қирғиз-ўзбек чегарасидаги “Баймак-автойўлчи” ўтиш пункти ўз фаолиятини соддалаштирилган тартибда қайта тиклади, деб хабар беради Қирғиз телеграф агентлиги (КирТАГ) ҚР ҳукумати матбуот хизматига асосланган ҳолда.

“Қирғизистон Республикаси Бош вазири Сапар Исаков имзолаган қарорга мувофиқ, қирғиз-ўзбек чегарасидаги Жалолобод вилояти Ола-Бўка туманида жойлашган “Баймак-автойўлчи” ўтиш пункти ўз фаолиятини соддалаштирилган тартибда қайта тиклади”, - дейилади душанба куни тарқатилган хабарда.

Аниқлаштирилишича, ушбу қарор Қирғизистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Темир Жумакадиров раислигида тегишли давлат органлари раҳбарлари иштирокида 2017 йил 13 сентябрда ўтказилган ишчи йиғилиш якунлари бўйича тайёрланган.

Қирғизистон Республикаси ҳукуматининг 2016 йил 6 майдаги қарорига мувофиқ, юқоридаги назорат ўтиш пунктидан кишилар ва транспорт воситаларининг ўтиши вақтинчалик тўхтатилган эди.

Ҳукуматнинг янги қарорига мувофиқ, “Баймак-автойўлчи” ўтиш пунктининг фаолияти соддалаштирилган тартибда божхона, ветеринар, фитосанитар ва антинаркотик назорат турларисиз шаклда қайта тиклади.

Янгилик билан ўртоқлашиш: