Қирғизистон президенти қирғиз-ўзбек чегараси бўйича қонунни имзолади
Тошкент. 2 октябр. ЎзТАГ – ҚР президенти Алмазбек Атамбоев Қирғизистон Республикаси ва Ўзбекистон Республикаси ўртасидаги қирғиз-ўзбек давлат чегараси тўғрисидаги шартномани ратификация қилиш ҳақидаги қонунни имзолади, деб хабар беради Қирғиз телеграф агентлиги (КирТАГ).
Ушбу шартнома 2017 йилнинг 5 сентябр куни Бишкек шаҳрида имзоланган эди. Қонун Қирғиз Республикаси Жогорку Кенеши томонидан 28 сентябрда маъқулланган.
“Шартномадан кўзланган мақсад Қирғизистон Республикаси ва Ўзбекистон Республикаси ўртасидаги давлат чегараси ўтиш чизиқларини белгилаб олишдан иборат”, - дейилади ҚР президентининг расмий сайтида душанба куни эълон қилинган маълумотда.
Таъкидланишича, ҳужжат билан қирғиз-ўзбек давлат чегарасининг 1 минг 170,53 километри белгиланган.
Қонун расман эълон қилинган муддатдан кучга киради.


