Қирғизистон президенти ватанига жўнаб кетди

Дата: 12:45, 06-10-2017.

Тошкент. 6 октябр. ЎзТАГ – Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан давлат ташрифи билан мамлакатимизда бўлган Президент Алмазбек Атамбоев бугун Қирғизистонга жўнаб кетди, деб хабар беради Ўзбекистон раҳбарининг матбуот хизмати. 

“Олий мартабали меҳмонни Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев кузатиб қўйди”, - дейилади хабарда. 

Аввал хабар қилинганидек, ташрифнинг асосий тадбирлари 5 октябр куни бўлиб ўтди. 

“Алмазбек Атамбоев Шавкат Мирзиёев ҳамроҳлигида Мустақиллик майдонига ташриф буюрди. Президентлар “Ўзэкспомарказ”да ташкил этилган Қирғизистон миллий маҳсулотлари кўргазмаси билан танишдилар”, - деб таъкидланади хабарда. 

Кўксарой қароргоҳида бўлиб ўтган музокараларда Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги савдо-иқтисодий, инвестициявий ҳамкорликни янада ривожлантириш, транспорт-коммуникация, энергетика, қишлоқ хўжалиги, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги алоқаларни янада мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди, қатор ҳужжатлар имзоланди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: