Қирғизистон ҳудудида 4 баллик зилзила қайтадан бўлиб ўтди

Дата: 15:26, 18-11-2015.

Тошкент. 18 ноябр. ЎзТАГ – Қирғизистон ҳудудида 4 баллик зилзила қайтадан бўлиб ўтди, деб хабар беради Қирғиз телеграф агентлиги (КирТАГ).

“2015 йилнинг 18 ноябрида ҚР МФА сейсмология институти сейсмостанцияси маҳаллий вақт билан соат 11дан 26 дақиқа ўтганда Қирғиз Республикасида марказида 4 баллик зилзилани қайд этди”, - дейилади хабарда.

Сейсмологларнинг маълумотларига кўра, зилзила ўчоғи Ўш шаҳридан 35 км жанубий-шарқда бўлган.

“Қирғиз Республикасининг аҳоли пунктлари, Чайчи, Каблан-Кол, Лангар қишлоқларида 3,5 балл, Кизил-Туу, Боз-Караган, Бек-Жар, Кара-Шоро, Баш-Булак қ. 3 балл, Кизил-Коргон, Ўш қ. 3 балл атрофида зилзила содир бўлди”, - дейилади хабарда.

Бошланғич маълумотларга кўра, қурбонлар ва вайронагарчиликлар йўқ.

Эслатиб ўтамизки, 17 ноябр соат 23.29да Қирғизистон жанубида зилзила содир бўлган эди. Ўш вилояти Кара-Суй туманидаги зилзила марказида унинг кучи 7 баллга етган.

Хусусан, 7 баллик зилзила Талдик, Лаглан, Тээке қишлоқларида қайд этилган. Ўш шаҳрида 6 балллик, Жалалободда 4-5 баллликзилзила қайд этилган.

Шунингдек, ер ости силкинишлари Қозоғистон жанубида (Чимкент, Таразда, Жамбилнинг Мерке поселкасида 3 балл ва Алматида 2 балл) ва Ўзбекистонда ҳам сезилди. Хусусан, Тошкентда 2,5-3 баллик, Андижонда 4 баллик, Фарғона ва Наманганда 3 баллик, Сирдарёда 2 баллик зилзила қайд этилди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: