Қирғизистон ҳукумати ўзбек миллий авиаташувчиси билан янги авиарейс очилишига доир музокаралар ўтказмоқда
Тошкент. 21 апрел. ЎзТАГ – Қирғизистон ҳукумати Ўзбекистон миллий авиаташувчиси билан Тошкент - Тамчи – Тошкент янги авиарейс очилишига доир музокаралар ўтказмоқда, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) қирғиз ОАВ асосланган ҳолда.
Музокараларга доир ушбу маълумотни Қирғизистон туризм департаменти директори Азамат Жаманкулов маълум қилди. Унга кўра, ҳозирда юқоридаги масала мухокама жараёнида.
“Ҳозирда “Иссиқкўл” аэропорти Алматы, Новосибирск ва Ўшга рейсларга хизмат кўрсатади”, – деб таъкидлади Жаманкулов.
Эслатиб ўтамизки, бир икки йил олдин “Иссиқкўл” халқаро аэропорти реконструкция қилинган бўлиб, у Иссиқкўл вилоятининг Тамчи қишлоғида жойлашган. Реконструкция унга катта ҳаво кемаларини ҳам қабул қилишга имкон беради. Янги аэровокзал эса кўплаб йўловчиларга хизмат кўрсатиши мумкин.