Қирғизистон ҳукумати Ўзбекистонга Иссиқкўл соҳилидаги 4 пансионатни қайтаришни таклиф қилмоқда

Дата: 09:24, 13-12-2017.

Тошкент. 13 декабр. ЎзТАГ – Қирғизистон ҳукумати Ўзбекистонга Иссиқкўл вилояти ҳудудида жойлашган 4 пансионатни қайтаришни таклиф қилмоқда, деб хабар беради Қирғиз телеграф агентлиги (КирТАГ).

“Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги Иссиқкўл вилояти объектлари бўйича келишув лойиҳаси билан Иссиқкўл вилояти Бостери қишлоғи ҳудудида жойлашган 4 пансионатни қайтариш таклиф қилинмоқда”, - деб хабар берди Қирғизистон Республикаси бош вазири ўринбосари Даир Кенекеев Жогорку Кенешнинг иқтисодий ва фискал сиёсати бўйича қўмитаси йиғилишида.

Унинг сўзларига кўра, бу “Бостери”, “Роҳат НБУ”, “Дилором” ва “Бўстон” пансионатларидир.

“Бунга доир келишувга Қирғизистон Республикасининг собиқ президенти Алмазбек Атамбоевнинг Ўзбекистонга ташрифи давомида эришилган эди. Ўзбекистон ушбу масалани ҳал қилиш учун халқаро арбитражга даъво қилган, улар мулк эгалиги ҳуқуқини талаб қилишмоқда”, - деб қўшимча қилди у.

ҚР давлат мулкини бошқариш фонди раиси ўринбосари Бекболот Алиевнинг маълум қилишича, Қирғизистон қонунчилигига кўра, пансионатлар жойлашган ерлар Қирғизистонга тегишли, бу ерда жойлашган мулк эса Ўзбекистонга қарашли.

 “Ўзбекистон пансионатлар ҳудудида замонавий 3-4 юлдузли меҳмонхонлар қуришга тайёр”, - деб тушунтирди у.

 Депутатлар узоқ тортишувлардан кейин қонун лойиҳасини маъқулладилар ва уни палатага кўриб чиқиш учун йўлладилар.

 Эслатиб ўтамизки, 2016 апрелда ҳукумат “Роҳат”, “Золотые пески”, “Бўстон” ва “Дилором” ўзбек пансионатларини ҚР балансига ўтказишга қарор қилган эди.

Сурат манбаи: http://www.issykkul.com/hotels/bosteri/golden-sands/index.htm

Янгилик билан ўртоқлашиш: