Қирғизистон ва Ўзбекистон чегарачилари ҳамкорлик йўналишларини муҳокама қилдилар

Дата: 17:58, 02-10-2015.

Тошкент. 2 октябр. ЎзТАГ – Қирғизистон ва Ўзбекистон чегарачилари ҳамкорлик йўналишларини муҳокама қилдилар, деб хабар беради Қирғиз телеграф агентлиги (КирТАГ).

“2015 йилнинг 30 сентябрида Ўш шаҳрида Қирғизистон Республикаси Боткент, Ўш ва Жалолобод вилоятлари бўйича чегара вакилларининг Ўзбекистон Республикаси Шарқ йўналиши чегара вакиллари билан учрашуви бўлиб ўтди”, - дейилади ҚР Давлат чегара хизматининг жамоатчилик ва ОАВ билан ишлаш бўйича бўлими хабарида.

Учрашувда чегара вакиллари қирғиз-ўзбек давлат чегараси участкаларидаги вазият бўйича оператив маълумотлар билан алмашиндилар ва қўшма чегарани қўриқлаш бўйича ҳамкорлик масалаларини келишиб олдилар.

Томонлар икки мамлакат ҳарбий хизматчиларига нисбатан иғвогарлик ҳаракатларига йўл қўймаслик бўйича чоралар қабул қилишга келишдилар.

Ўзбекистон ва Қирғизистон чегара вакиллари давлат чегарасини ҳуқуқий расмийлаштириш жараёни якунлангунга қадар уни қўриқлашни амалдаги ҳолатга кўра амалга оширилишига келишиб олдилар.

Учрашув якунларига кўра 2015 йил 30 октябрга қадар қирғиз-ўзбек давлат чегарасида чегарачиларнинг ўзини тутишига доир амалий машғулот ва имтиҳонлар ўтказиш ҳақида қарор қабул қилдилар.

Бундан ташқари, Қирғизистон ва Ўзбекистон чегара вакиллари фуқаролар томонидан чегарачиларга нисбатан таҳдидлар айтилган ҳолда фуқароларни жавобгарликка тортишга ҳам келишдилар.

Янгилик билан ўртоқлашиш: