Қирғизистон ва Ўзбекистон чегаралар делимитацияси ва демаркацияси бўйича масалалар юзасидан ҳамкорликни фаоллаштириш ниятида

Дата: 10:40, 19-08-2015.

Тошкент. 19 август. ЎзТАГ – Яқинда Қирғизистон бош вазири ўринбосари Абдираҳмон Маматалиев ва Ўзбекистоннинг ҚР Фавқулодда ва Мухтор элчиси Комил Рашидов чегаралар делимитацияси ва демаркацияси бўйича масалалар юзасидан ҳукумат комиссиялари ишини фаоллаштиришни муҳокама қилдилар.

Учрашувда иккитомонлама муносабатларнинг ҳолати ва истиқболлари, ҳамкорлик бўйича қирғиз-ўзбек комиссиялари ишини қайта бошлаш, қирғиз-ўзбек чегаралари делимитацияси ва демаркацияси бўйича масалалар юзасидан ҳукумат комиссиялари ишини фаоллаштириш кабилар муҳокама қилинган.

А.Маматалиев Бишкек шаҳрида иккитомонлама ҳамкорлик бўйича қўшма ҳукуматлараро комиссия йиғилишини ўтказиш заруриятини таъкидлади.

Шунингдек, у савдо-иқтисодий ҳамкорлигининг ривожланиши қардош Қирғизистон ва Ўзбекистон халқлари ўртасидаги барқарорликни мустаҳкамлашга хизмат қилиши зарурлигини қўшимча қилди.

Бундан ташқари, бош вазир ўринбосари олдинроқ икки давлат раҳбарлари ўртасидаги келишувларга мувофиқ Қирғизистон Республикаси ва Ўзбекистон Республикаси ўртасида қирғиз-ўзбек давлат чегараси ҳақидаги Шартнома лойиҳасини ишлаб чиқишни тезлаштириш зарурияти ҳақида айтиб ўтди. Ушбу шартнома лойиҳаси Қирғиз Республикаси ва Ўзбекистон Республикасининг қирғиз-ўзбек чегаралари делимитацияси ва демаркацияси бўйича масалалар юзасидан ҳукумат комиссиялари йиғилишида кўриб чиқилиши керак.

Янгилик билан ўртоқлашиш: