Қирғизистон ва Ўзбекистон чегарасида қуввати 5 баллик зилзила бўлиб ўтди
Тошкент. 25 ноябр. ЎзТАГ – Қирғизистон ва Ўзбекистон чегарасида қуввати 5 баллик навбатдаги зилзила бўлиб ўтди, деб хабар қилади КазТАГ қозоқ сейсмологларига асосланган ҳолда.
“2015 йил 24 ноябр Алмати вақти билан соат 20.46да (Гринвич бўйича соат 14дан 46 дақ. 26 сония ўтганда) ҚР Фан ва таълим вазирлиги Фан қўмитасининг Сейсмологик тажриба услубий экспедицияси” ДМ сейсмик станциялари тармоғи томонидан зилзила қайд этилди. Зилзила маркази Алматидан 402 км олисда, Қирғизистон ва Ўзбекистон чегарасида бўлган”, - дейилади хабарда.
Унинг қуввати 5 балл бўлган, сезилгани ҳақида маълумотлар йўқ.
Эслатиб ўтамизки, 17 ноябрда Қирғизистон жанубида зилзила бўлиб ўтган эди. Зилзила маркази бўлган Ўш вилояти Қорасуй туманида силкинишлар қуввати 7 баллга етган. Натижада қатор туманлардаги уйлар бузилган ёки зарарланган эди.
18 ноябрда мамлакат жанубида қуввати марказида навбати билан 4 балл ва 3,5 балл бўлган яна икки қайта зилзила бўлиб ўтди. Қозоқ сейсмологлари 20 ноябрда 4,8 балллик, 21 ноябрда 2 соат ичида қуввати навбати билан 5,1 балл, 3,6 балл ва 4,1 балллик 3 зилзилани қайд этдилар.
24 ноябрда Қирғизистонда қуввати 4 баллик яна бир зилзила бўлиб ўтди.


