Қирғизистон ва Ўзбекистон “Тошкент – Иссиқкўл – Тошкент” йўналишидаги поездни қайта тиклаш ҳақида келишмоқдалар

Дата: 11:30, 24-01-2017.

Тошкент. 24 январ. ЎзТАГ – Қирғизистон ва Ўзбекистон “Тошкент – Иссиқкўл – Тошкент” йўналишидаги поездни қайта тиклаш ҳақида келишмоқдалар. Бу ҳақда КирТАГ мухбирига сешанба куни транспорт ва йўллар вазири Жамшитбек Калилов маълум қилди.

 “Ўзбекистон ва Қирғизистон бўлажак ёз мавсумида ўзбекистонликлар орасида оммабоп бўлган “Тошкент – Иссиқкўл – Тошкент” йўналишида туристик поездини йўлга қўйиш имкониятини муҳокама қилмоқдалар. Ҳозирда икки мамлакат темир йўл маъмуриятлари поездининг ҳаракатланиш жадвалини ишлаб чиқишмоқда. Поезд Иссиқкўлга ҳафтасига бир марта бориши режалаштирилмоқда. Ҳаракат бошланиш санаси ва нархлар масаласи билан ўзбек томони шуғулланмоқда, улар ҳали охиригача тасдиқлангани йўқ”, - деди вазир.

“Қирғиз темир жолу” маълумотига кўра, “Тошкент – Иссиқкўл – Тошкент” туристик йўналиши 2010 йил воқеаларидан кейин тўхтаб қолган, кейинчалик 2015 йилда бош вазир Темир Сариев топшириғига кўра қайта тикланган эди. Лекин йўналиш 2016 йилги туристик мавсумда ишлагани йўқ.

Янгилик билан ўртоқлашиш: