Қирғизистонда ўзбек тили умумреспублика тестларидан чиқариб ташланди
Бишкек. 4 март. ЎзТАГ – ҚР Таълим ва фан вазирлиги умумреспублика тестлари ўтказиладиган тиллар рўйхатидан ўзбек тилини чиқариб ташлади, деб хабар қилди Қирғиз телеграф агентлигига (КирТАГ) чоршанба куни вазирликнинг Касб таълими бошқармаси бош мутахассиси Евгения Чубукова.
“Ҳукуматнинг 2013 йилдаги қарорига мувофиқ жорий йилда мактаб битирувчилари тестларни фақат расмий давлат тилида топширадилар. Шунга қарамасдан 2014 йилда 50 ўқувчи тестларни ариза асосида ўзбек тилида топширган эди”, - деди вазирлик ходимаси.
Унинг сўзларига кўра, 2015 йилда тест маркази ўзбек тилида тест саволлари тайёрлашни режалаштираётгани йўқ.
Маълумот ўрнида, мамлакат жанубидаги 91 мактабда машғулотлар ўзбек тилида олиб борилади.


