Қирғизистоннинг Ўшида Ўзбекистон қурган 630 ўринлик мактаб очилди

Дата: 17:07, 06-09-2018.

Тошкент. 6 сентябр. ЎзТАГ – Қирғизистоннинг Ўшида Ўзбекистон қурган 630 ўринлик мактаб очилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Ўқув маскани яқинда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Н.Йўлдошев бошчилигидаги парламент делегацияси Қирғиз Республикасига ташрифи доирасида очилди.

“Шунингдек, делегация аъзолари мамлакатимиз томонидан Ўшда қурилган умумтаълим мактаби очилиши маросимида иштирок этдилар. Ушбу мактаб Ўзбекистон ва Қирғизистон ҳукуматлараро келишувига мувофиқ қурилди. Мактабнинг барча замонавий шароитлар яратилган уч қаватли биноси 630 ўринга мўлжалланган. У спортзали, мажлислар зали, тиббиёт хонаси, ошхона ва ёзги спорт мажмуасидан ҳам иборат”, - дейилади Олий Мажлиси Сенати Ахборот хизматининг хабарида.

Таъкидланишича, амалга оширилган ушбу лойиҳа ўзбек халқининг икки мамлакат ўзаро яхши қўшничилик, маданий-гуманитар алоқаларини ривожлантиришга муносиб ҳиссаси эканлиги таъкидланди. Жумладан, Қирғизистон Республикаси Жогорку Кенеши спикери Д.Жумабеков “таълим соҳаси ривожига ҳисса қўшиш – бу мамлакат келажагига энг яхши инвестиция”, деб таъкидлади. “Мазкур мактаб қурилиши – бу қирғиз-ўзбек  муносабатларини ривожлантиришга қўйилган изчил қадамдир. Қардош Ўзбекистоннинг кўмаги туфайли Қирғизистоннинг 630 нафар жажжи фуқаролари янги умумтаълим муассасасида таълим олиш имконига эга бўлди”, - деб таъкидлади спикер.

 

Сурат манбаи: из http://edc.kg

Янгилик билан ўртоқлашиш: