Қирғизистоннинг учта шаҳрида ўзбек автомобилларини йиғиш корхоналари пайдо бўлади
Тошкент. 26 декабр. ЎзТАГ – Қирғизистоннинг учта шаҳри – Бишкек, Ўш ва Қора-Балта шаҳарларида ўзбек автомобиль йиғиш корхоналари пайдо бўлади, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) Sputnik Қирғизистонга асосланган ҳолда.
Бу ҳақда GM Uzbekistan ОАЖнинг вакили Жаҳонгир Тиллаев маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистон йил бошидан бошлаб Қирғизистонда Ravon автомашинасининг тўрт моделини ва Isuzu автобусларини ишлаб чиқаришни бошлашни режалаштирмоқда. Тиллаевнинг сўзларига кўра, хорижий инвестицияларнинг ҳажми $5,18 млнга етиши кутилмоқда.
“Дастлабки босқичда биз 50 иш ўрни яратмоқчимиз. Шунингдек, ишга технологик университетларнинг талабалари ва битирувчиларини жалб қилиш ҳам режалаштирилган”, - дея таъкидлади компания вакили.
Ўз навбатида, “Ўзавтосаноат” АЖнинг вакили Санжар Алимовнинг таъкидлашича, Ўшда Ravon автомобилларини кенг миқёсда йиғиш учун ишлатиладиган майдончалар топилган. Бишкекда Isuzu автобус ишлаб чиқарадиган завод очилиши керак, унинг баҳоси йўловчи ўриндиқлари сонидан келиб чиқиб, $38 мингдан $77 минггача ташкил этади. Қора-Балта шаҳрида қишлоқ хўжалиги техникасини йиғишни бошлаш режалаштирилган.
Юқорида санаб ўтилган корхоналарда ишлаб чиқарилган барча автомобилларни Евроосиё иқтисодий иттифоқи мамлакатларида сотиш режалаштирилмоқда.
Сурат манбаи: https://autoreview.ru/articles/zavody-i-proizvodstva/uzavtodetektiv?_escaped_fragment_=page=2