“IShONCh” ўзбек суғурта компанияси деярли 11 минг суғурта полисларини сотди

Дата: 17:05, 13-05-2016.

Тошкент. 13 май. ЎзТАГ – “IShONCh” банклараро ўзбек суғурта компанияси транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича сотган полислар сони 10988 донани ташкил қилиб, ушбу суғурта тури бўйича 461,9 млн сўм суғурта мукофотлари йиғилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Компаниядан маълум қилишларича, 2016 йилнинг биринчи чорагида ТВЭФЖМСҚ бўйича жисмоний шахслардан келиб тушган суғурта мукофотлари улуши 67,6%, юридик шахслардан тушган маблағлар 32,4%ни ташкил қилди.

Кўрилаётган давр мобайнида “IShONCh” транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича 280,6 млн сўмга тенг суғурта тўловлари тўлаб берди.

Айни пайтда, Вазирлар Маҳкамасининг “Транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунини амалга ошириш бўйича чора тадбирлар тўғрисида”ги қарорида кўрсатилган алоҳида тоифага кирувчи 145 нафар шахсга 3,1млн сўм қийматида сийлов тақдим этилди.

Эслатиб ўтамизки, “IShONCh” умумий суғурталаш тармоғининг 17 тоифалари бўйича суғурта хизматларини кўрсатиб келмоқда.

Янгилик билан ўртоқлашиш: