Ислом ҳамкорлик ташкилоти саммити доирасида Ўзбекистон ва Туркия президентларининг учрашуви бўлиб ўтди
Тошкент. 11 сентябр. ЎзТАГ – Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Остона шаҳрида ўтган Ислом ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) Фан ва технологиялар бўйича биринчи саммити доирасида Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдўғон билан учрашди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) Ўзбекистон раҳбарининг матбуот хизматига асосланган холда.
Музокарада Ўзбекистон ва Туркиянинг савдо-иқтисодиёт, инвестиция, сайёҳлик ва бошқа соҳалардаги алоқаларини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Ўзаро манфаатли ва узоқ истиқболли лойиҳалар ишлаб чиқиш ва амалга ошириш учун тегишли вазирликлар ва ишбилармон доиралар ўртасида мунтазам учрашувлар ташкил қилиш муҳимлиги қайд этилди.
Минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди.
Икки давлат Президентлари Ўзбекистон билан Туркия бир-бирига муҳим ва узоқ муддатли ҳамкор сифатида қарашини, томонлар ҳамкорликни ўзаро ишонч тамойиллари асосида кенгайтириш ва халқларимиз манфаатларига хизмат қиладиган юксак даражага кўтариш тарафдори эканини таъкидладилар.