Ислом Каримов АҚШ ҲК қўмондони билан музокаралар ўтказди
Тошкент. 15 июн. ЎзТАГ – Куни кеча Ўзбекистон президенти Ислом Каримов Оқсаройда АҚШ Қуролли Кучлари Марказий қўмондонлиги қўмондони генерал Жозеф Вотелни қабул қилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
“Суҳбат чоғида Ўзбекистон билан АҚШ ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари, аввало, ўзаро манфаатга, жумладан, хавфсизлик ва барқарорликни мустаҳкамлашга асослангани таъкидланди. Мунтазамлик касб этган турли даражадаги ўзаро алоқалар ва маслаҳатлар икки томон учун ҳам манфаатли бўлган ҳамкорликни изчил ривожлантириш имконини бермоқда”, - деб таъкидлашди давлат раҳбарининг матбуот хизматида.
Учрашувда айрим халқаро ва минтақавий муаммолар, жумладан, Афғонистондаги вазиятни тинч йўл билан ҳал этиш масалалари муҳокама этилди.
Генерал Жозеф Вотел Ислом Каримовга самимий қабул ва томонлар учун долзарб бўлган масалаларни атрофлича муҳокама этиш имконияти яратилгани учун миннатдорлик билдирди, АҚШ раҳбарияти мамлакатларимиз ўртасидаги серқирра муносабатларни янада ривожлантиришдан манфаатдор эканини таъкидлади.