Ислом Каримов ХХР ташқи ишлар вазири Ван И музокаралар ўтказди

Дата: 12:32, 24-05-2016.

Тошкент. 24 май. ЎзТАГ – Куни кеча Ўзбекистон Республикаси президенти Ислом Каримов Хитой Халқ Республикаси ташқи ишлар вазири Ван Ини қабул қилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Учрашувда Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпиннинг Ўзбекистонга бўлажак давлат ташрифи ўзаро муносабатларни янада ривожлантиришда муҳим босқич бўлиши таъкидланди”, - дейилади давлат раҳбарининг матбуот хизмати хабарида.

Учрашувда Ўзбекистоннинг Шанхай ҳамкорлик ташкилотига раислиги доирасида бўлиб ўтадиган тадбирларда Хитойнинг иштироки ва Ўзбекистон – Хитойнинг ўзаро ҳамкорлигига доир бошқа масалалар юзасидан фикр алмашилди.

ШҲТнинг кузатувчи давлатлар ва халқаро ташкилотлар раҳбарлари иштирокида Тошкентда бўлиб ўтадиган саммити муҳим сиёсий воқеа бўлиб, саммит давомида ташкилотнинг турли соҳалардаги фаолиятини янада такомиллаштириш ва самарадорлигини оширишга қаратилган муҳим қарорлар қабул қилиниши таъкидланди.

Шунингдек, томонлар иккитомонлама ҳамкорликнинг долзарб масалалари, минтақавий ва халқаро муаммоларни муҳокама қилдилар.

Ўзбекистон ва Хитой ҳамкорлиги изчиллик билан ривожланмоқда. Хусусан, 2015 йилда мамлакатлар орасидаги савдо айланмаси $4,1 млрдга етди. Мамлакатга киритилган хитой инвестициялари $6,5 млрддан зиёд. Республикада хитой сармояси иштирокида 651 корхона фаолият юритмоқда.

Икки мамлакат ишбилармонлари “Ангрен” махсус индустриал зонасида шина ва конвейер ленталари ишлаб чиқариш заводини, “Навоийазот” акциядорлик жамияти базасида поливинилхлорид, каустик сода ва метанол ишлаб чиқариш комплексини барпо этиш бўйича ва бошқа йирик лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этмоқда.

Ўзбекистон билан Хитой ўртасида кўп асрлик тарихий ришталарга асосланган таълим, илм-фан, технологиялар, тиббиёт ва маданият соҳаларидаги ҳамкорлик изчил ривожланмоқда.

Янгилик билан ўртоқлашиш: