Ислом Каримов Нурсултон Назарбоевни навбатдан ташқари ҚР президенти сайловларида ғалабаси билан қутлади

Дата: 16:01, 28-04-2015.

Тошкент. 28 апрел. ЎзТАГ – Ўзбекистон Республикаси президенти Ислом Каримов Қозоғистон Республикаси президенти Нурсултон Назарбоевни навбатдан ташқари ҚР президенти сайловларида ғалабаси билан қутлади, деб хабар қилди Қозоғистон раҳбарининг матбуот хизмати.

“Бўлиб ўтган сайловлардаги ишончли ғалабангиз Қозоғистон халқининг Сизнинг оқилона раҳбарлигингиз остида олиб борилаётган ижтимоий-сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларга юқори ишончи ва уларни қўллаб-қувватлашининг яна бир ёрқин далилидир”, - деб иқтибос келтиради Н.Назарбоевнинг матбуот хизмати И.Каримовнинг табрик телеграммасидан.

Ўзбекистон президенти кўп асрлик анъанавий дўстлик ришталарига асосланган икктомонлама муносабатларнинг ҳартомонлама ривожи ва мустаҳкамланиши бундан кейин ҳам икки халқ манфаатлари, ҳудудда тинчлик ва барқарорликнинг сақланишига хизмат қилишига ишонч билдирди.

“Фурсатдан фойдаланиб, Сизга мустаҳкам соғлик, битмас-туганмас куч ва Сизнинг давлат фаолиятингизда янги муваффақиятлар, Қозоғистон халқига тинчлик-фаровонлик тилайман”, - дейилади табрикда.

Шунингдек, И.Каримов Н.Назарбоевни ҚР президенти сайловларида ғалаба билан кейинчалик бўлиб ўтган телефон мулоқоти чоғида ҳам табриклади.

Бундан ташқари, давлатлар раҳбарлари икки томонлама ҳамкорликнинг долзарб масалалари ҳамда 2014 йил ноябр ойида Ўзбекистон Президентининг Қозоғистонга расмий ташрифи чоғида эришилган келишувларнинг амалга оширилишини ҳам муҳокама қилдилар.

Суҳбат ўзбек томон ташаббуси билан бўлиб ўтди.

Шу билан бирга, Н.Назарбоевни навбатдан ташқари президент сайловларида ғалаба билан Россия президенти Владимир Путин, Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон, Беларусь президенти Александр Лукашенко, Сербия президенти Томислав Николич, Озарбайжон президенти Илҳом Алиев, шунингдек, Венгрия бош вазири Виктор Орбан ва Абу Даби валиаҳд шахзодаси, БАА ҲК Бош қўмондони ўринбосари шайх Муҳаммад бен Заид Ал Нахаянлар ҳам қутладилар.

Эслатиб ўтамизки, 2015 йилнинг 26 апрелида Қозоғистонда навбатдан ташқари президент сайловлари бўлиб ўтди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: