Ислом Каримов Оқсарой қароргоҳида Го Шэнкунни қабул қилди

Дата: 14:59, 02-12-2014.

Тошкент. 2 декабр. ЎзТАГ – Куни кеча Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов Оқсаройда Хитой Халқ Республикаси (ХХР) Давлат кенгаши аъзоси, жамоат хавфсизлиги вазири Го Шэнкунни қабул қилди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) давлат раҳбари матбуот хизмати хабарига асосланган ҳолда.

Давлат раҳбари меҳмонни юртимизга ташрифи билан қутлар экан, Ўзбекистон мамлакатларимиз ўртасидаги очиқлик ва ишончга асосланган тенг ҳуқуқли ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни юксак қадрлашини таъкидлади.

Мунтазамлик касб этган, ўзаро англашув, ҳурмат ва манфаатдорлик руҳида ўтадиган олий даражадаги учрашувлар икки томонлама ҳамкорликнинг деярли барча йўналишлари бўйича фикрлар яқин ва ўхшаш эканидан далолат беради.

Хитой Давлат кенгаши аъзоси Ўзбекистон президенти Ўзбекистон – Хитой муносабатларининг изчил ривожланишига улкан ҳисса қўшаётганини алоҳида таъкидлади. Го Шэнкун Ўзбекистонда ҳукм сураётган тинчлик, осойишталик ва ҳамжиҳатлик юксак самаралар бераётганини қайд этди.

Минтақавий хавфсизликни мустаҳкамлаш борасидаги ўзаро ҳамкорликнинг асосий йўналиши – бу турли таҳдид ва хавф-хатарларга биргаликда қарши курашиш бўйича чора-тадбирларни янада фаоллаштиришдан иборатдир.

Ўзбекистон ва Хитой минтақада барқарорлик ва хавфсизликни мустаҳкамлашнинг муҳим омили бўлаётган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти доирасидаги алоқаларни ривожлантиришга алоҳида аҳамият қаратмоқда.

Оқсаройдаги суҳбат чоғида кўп қиррали ўзаро ҳамкорликни янада кенгайтиришга оид масалалар бўйича фикр алмашилди.

Хитой Халқ Республикаси жамоат хавфсизлиги вазири Президент Ислом Каримовга самимий қабул учун миннатдорлик билдирди ва Хитой Ўзбекистон билан ҳамкорликни янада кенг, изчил давом эттиришдан манфаатдор эканини таъкидлади, деб қайд этилади хабарда.

Янгилик билан ўртоқлашиш: