Ислом Каримов республиканинг тўрт фуқаросини “Ўзбекистон Қахрамони” унвони билан тақдирлади

Дата: 16:31, 26-08-2015.

Тошкент. 26 август. ЎзТАГ – Ўзбекистон Республикаси президенти Ислом Каримов мамлакатнинг тўрт фуқаросига “Ўзбекистон Қаҳрамони” унвони берилиб, олий нишон – “Олтин юлдуз” медалини топшириш ҳақидаги фармонни имзолади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Ватанимиз мустақиллигини мустаҳкамлаш, унинг жаҳон миқёсидаги шон-шуҳратини юксалтириш, ислоҳотларни муваффақиятли амалга ошириш борасида давлат ва халқ олдидаги улкан хизматлари, ишлаб чиқариш ва ижтимоий соҳалардаги кўп йиллик фидокорона меҳнати ҳамда ёш авлодни ватанпарварлик ва истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялашга қўшган катта ҳиссаси учун қуйидагиларга “Ўзбекистон Қаҳрамони” унвони берилиб, олий нишон – “Олтин юлдуз” медали топширилсин”, - дейилади президент сайтида эълон қилинган фармон матнида.

Фармонга кўра, юқорида номи келтирилган унвон ва медалга мамлакатнинг тўрт фуқароси: Ганиева Суйима Ганиевна – Тошкент давлат шарқшунослик институтининг “Мумтоз филология” кафедраси профессори (Тошкент шаҳри), Санакулов Кувондик – “Навоий кон-металлургия комбинати” давлат корхонаси бош директори (Навоий вилояти), Топволдиев Таваккал Темирович – “Нуроний” жамғармасининг Андижон вилояти бўлими раиси, Ҳосилов Аваз – Каттақўрғон туманидаги “Ҳосил” фермер хўжалиги бошлиғи (Самарқанд вилояти) сазовор бўлганлар.

Тақдирлаш республика Мустақиллиги кунининг 24 йиллиги муносабати билан амалга оширилгани таъкидланмоқда.

Янгилик билан ўртоқлашиш: