Ислом Каримов РФ ташқи ишлар вазири Сергей Лавров билан музокаралар ўтказди

Дата: 13:45, 25-05-2016.

Тошкент. 25 май. ЎзТАГ – Куни кеча Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов Оқсаройда Россия Федерацияси ташқи ишлар вазири Сергей Лавровни қабул қилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Учрашувда Ўзбекистон билан Россия ўртасидаги кўп томонлама ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболи, халқаро сиёсатга доир долзарб масалалар муҳокама этилди”, - деб таъкидлашди давлат раҳбарининг матбуот хизматида.

Давлатимиз раҳбари Россия ташқи ишлар вазирини қутлар экан, жорий йилнинг апрель ойида Москвада ўтган олий даражадаги Ўзбекистон – Россия музокаралари якунларига юксак баҳо берди ва бу барча йўналишларда ўзаро муносабатларни ҳар томонлама ривожлантиришга хизмат қилишини таъкидлади.

Томонлар 2015-2019 йилларда иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш ва чуқурлаштиришнинг асосий йўналишларига оид битим доирасида рақобатбардош ва харидоргир маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича янги инвестициявий лойиҳаларни биргаликда амалга оширишдан манфаатдор экани таъкидланди.

Учрашувда Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтиришнинг бошқа истиқболли йўналишлари бўйича ҳам фикр алмашилди.

Россия ташқи ишлар вазири самимий қабул ва ўзаро муносабатлар, минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан фикр алмашиш имконияти учун Президентимизга миннатдорлик билдирди. С.Лавров Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг мажлиси хусусида ўз фикрини билдирар экан, Ўзбекистоннинг ШҲТга самарали раислиги Тошкент саммитининг муваффақиятли ўтишини таъминлашига ишонч билдирди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: