Ислом Каримов Россия ҳукумати раиси ўринбосари Дмитрий Козак билан музокаралар ўтказди
Тошкент. 27 ноябр. ЎзТАГ – Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов Оқсаройда Россия Федерацияси ҳукумати раисининг ўринбосари Дмитрий Козакни қабул қилди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
“Давлат раҳбари икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий муносабатларнинг бугунги ҳолатидан мамнунлигини билдирди, Ўзбекистон Россия билан савдо ва инвестициявий ҳамкорликни фаол ривожлантириш ва диверсификация қилиш тарафдори эканини таъкидлади. Президент Ислом Каримов Ўзбекистон Республикаси билан Россия Федерацияси ўртасида иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг ўн олтинчи мажлиси натижаларини юқори баҳолади”, – деб таъкидланади давлат раҳбарининг матбуот хизмати хабарида.
2013 йил якунлари бўйича товар айирбошлаш ҳажми 7 миллиард АҚШ долларидан ошган. Жорий йилнинг 9 ойида ўзаро савдо ҳажми 4,55 миллиард долларни ташкил этган.
Мулоқот чоғида бу кўрсаткичлар мамлакатларининг мавжуд салоҳияти даражасида эмаслиги қайд этилди. Ўзаро муносабатларни ривожлантиришда транспорт ва транзит ташиш соҳаларидаги ҳамкорлик ҳам муҳим ўрин тутиши таъкидланди.