Ислом Каримов Россия ва Ўзбекистон ўртасида мустаҳкам алоқалар бўлишини истаган эди – Дмитрий Медведев

Дата: 21:46, 04-09-2016.

Тошкент. 4 сентябр. ЎзТАГ – Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов Россия ва Ўзбекистон ўртасида мустаҳкам, иттифоқчилик алоқалари бўлишини истаган эди. Бу ҳақда Россия бош вазири Дмитрий Медведев Ислом Каримовнинг Самарқандда 2016 йил 3 сентябрда бўлиб ўтган дафн маросимида маълум қилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Бугун биз Ўзбекистоннинг биринчи президенти, бутун умрини халқига бағишлаган  Ислом Абдуғаниевич Каримов билан видолашмоқдамиз. Мен энг аввало Ўзбекистон халқига Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин, РФ ҳукумати, рус халқи  номидан таъзия билдираман”, - деди Д.Медведев.

 “Ислом Абдуғаниевич ўз вазифасида ишлар экан мамлакатни ривожлантириш билан шуғуланди. Биз кўп мулоқот қилганмиз ва уларнинг бари жуда фойдали мулоқотлар бўлиб, Россия ва Ўзбекистон ўртасида мустаҳкам, иттифоқчилик алоқалари бўлишига хизмат қилган”, - деб таъкидлади РФ бош вазири.

“Аминманки биз бундан кейин ҳам муносабатларимизни ушбу йўналишда, мамлакатнинг биринчи президенти белгилаб берган русумда давом эттирамиз”, - деб таъкидлади Медведев.

“Яна кўплаб нарсалар қилиш керак. Аминманки, ўзбек ёшлари ўзларининг биринчи президентларидан ўрнак оладилар ва ватанларига хизмат қиладилар”, - деб қўшимча қилди у.

“Яна бир бор Ўзбекистон халқига ҳамдардлик ва кўллаб-қувватлаш сўзларини билдирмоқчи эдим. Бу оғир кунларда сизга қайғудошмиз. Бундан шубҳаланмасангиз ҳам бўлади. Ва биз Ўзбекистоннинг биринчи президентининг ғояларини ҳаётга тадбиқ қилиш учун зарур бўлган барча ишни қиламиз. Ва биз албатта Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовни ёдда сақлаймиз”, - деди сўзи якунида Дмитрий Медведев.

Янгилик билан ўртоқлашиш: