Ислом Каримов ШҲТга аъзо давлатлар хавфсизлик кенгаши раҳбарлари билан музокаралар ўтказди

Дата: 10:05, 15-04-2016.

Тошкент. 15 апрел. ЎзТАГ - Ислом Каримов Шанхай ҳамкорлик ташкилотига (ШҲТ) аъзо давлатлар хавфсизлик кенгаши раҳбарлари билан музокаралар ўтказди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Ўзбекистон президенти меҳмонларни самимий қутлар экан, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти ўзининг ўн беш йиллик фаолияти давомида нуфузли ва самарали халқаро ташкилот сифатида мустаҳкам қарор топганини, унинг фаолияти тинчлик, барқарорлик ва хавфсизликни мустаҳкамлаш, ШҲТга аъзо давлатларнинг изчил ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлаш соҳасида ушбу ташкилотга аъзо мамлакатлар олдида турган умумий вазифаларни ҳал этишга хизмат қилаётганини таъкидлади”, - деб хабар беришди Ўзбекистон раҳбарининг матбуот хизматида.

Ўзбекистоннинг ташкилотга жорий раислиги даврида аъзо давлатларнинг биргаликдаги ҳаракатлари билан ШҲТ доирасида, авваламбор, ҳозирги кундаги хавфсизликка таҳдид ва хавф-хатарларга қарши курашиш борасида кўп қиррали ўзаро манфаатли ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва ривожлантиришга қаратилган изчил ишлар амалга оширилмоқда. Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгашининг Тошкент шаҳрида ўтадиган навбатдаги юбилей йиғилиши ҳар томонлама мазмунли ва самарали бўлишига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Ислом Каримов Шанхай ҳамкорлик ташкилоти мамлакатлари ҳудудида терроризм, экстремизм ва сепаратизм кўринишлари, шунингдек, бошқа таҳдид ва хавф-хатарларнинг олдини олиш, уларни бартараф этиш борасида муҳим қарорлар ишлаб чиқиш ва амалга оширишда ШҲТ Минтақавий аксилтеррор тузилмаси ҳам алоҳида ўрин тутаётганини таъкидлади.

Эслатиб ўтамизки, Ўзбекистон ташаббуси билан 2004 йилда ташкил этилган, ШҲТнинг муҳим ва самарали институти бўлган Хавфсизлик кенгашлари котибларининг йиғилиши ташкилот органлари ва механизмлари тизимининг ажралмас қисми бўлиб, ташкилот ҳудудида хавфсизлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш бўйича томонлар фаолиятини мувофиқлаштириб боришда муҳим вазифани бажариб келмоқда.

Янгилик билан ўртоқлашиш: