Ислом Каримов Туркманистон ташқи ишлар вазири Рашид Мередов билан музокаралар ўтказди

Дата: 13:52, 03-06-2015.

Тошкент. 3 июн. ЎзТАГ – Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов Оқсаройда мамлакатга расмий ташриф билан келган Туркманистон Вазирлар Маҳкамаси раисининг ўринбосари, ташқи ишлар вазири Рашид Мередовни қабул қилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агенлиги (ЎзТАГ).

“Туркманистон Вазирлар Маҳкамаси раисининг ўринбосари Ўзбекистон Президенти ва халқига Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедовнинг самимий саломи ва ҳурмат-эҳтиромини изҳор этди ҳамда Туркманистон раҳбарияти ўзаро алоқаларни мамлакатларимиз ва халқларимизнинг узоқ муддатли манфаатларига мос равишда янада юксак босқичга кўтаришга тайёрлигини билдирди”, – деб таъкидланади Ўзбекистон президенти матбуот хизмати хабарида.

Шунингдек, суҳбат давомида Ўзбекистон билан Туркманистон ўртасидаги серқирра муносабатлар бугунги кунда изчил ривожланаётгани, бу ҳамкорлик барқарорлиги ва самарадорлиги билан ажралиб туриши таъкидланди. Мамлакатларимиз ўртасидаги дўстона муносабатлар ўзбек ва туркман халқларининг кўп асрлик умумий тарихи, муштарак маънавий ва маданий қадриятлари, яқин қўшнилик, ўзаро ҳурмат тамойиллари асосида муваффақиятли ривожланиб бормоқда.

Ўтган йил якунлари бўйича мамлакатлар ўртасидаги товар айланмаси $410 млндан ошган ҳолда 2013 йилдагига нисбатан 16,6% ўсди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: