Ислом Каримов Япония бош вазирига ҳамдардлик билдирди
Тошкент. 29 июл. ЎзТАГ – Куни кеча Ўзбекистон президенти Ислом Каримов Япония бош вазири Шиндзо Абега ҳамдардлик билдирди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
“2016-йилнинг 28-июл куни Ўзбекистон Республикаси президенти Ислом Каримов Япония Бош вазири Шиндзо Абега 26-июлда Сагамиҳара шаҳридаги ногиронлар уйида кўплаб инсонларнинг ҳалок бўлишига олиб келган фожиавий ҳодиса муносабати билан мактуб йўллади”, - дейилади ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабарида.
Таъкидланишича, ўзбек давлати раҳбари ўз мактубида самимий таъзия изҳор этиб, қурбон бўлганларнинг оила аъзолари ва яқинларига ҳамда жароҳатланганларга чуқур ҳамдардлик ва далда билдирди.