Ислом Каримов Ўзбекистон президентлигига номзод сифатида тасдиқланди

Дата: 16:22, 06-02-2015.

Тошкент. 6 феврал. ЎзТАГ – Ўзбекистон Либераль-демократик партиясининг (ЎзЛиДеП) жума куни бўлиб ўтган съездида амалдаги давлат раҳбари Ислом Каримов Ўзбекистон президентлигига номзод сифатида тасдиқланди, деб хабар қилди ЎзТАГ мухбирига ЎзЛиДеП вакили.

“Партиянинг бугунги съездида Ислом Каримов номзоди ЎзЛиДеП номидан президент сайловларида қатнашиш учун номзод қилиб тасдиқланди”, - деди партия вакили.

Қонунчиликка мувофиқ, президентликка номзодларни рўйхатга олиш учун сиёсий партия томонидан Марказий сайлов комиссиясига (МСК) тақдим этиладиган имзо варақаларида Ўзбекистон Республикасидаги сайловчилар умумий сонининг (20 млн. 798,052 минг) 5%дан (1,04 млн. атрофида) кам бўлмаган сайловчилар имзолари бўлиши зарур. Номзодларни рўйхатга олиш сайловга 35 кун қолганда якунланади.

19 январда МСК мамлакатда рўйхатга олинган барча сиёсий партияларни президентлик сайловларига қўйиш ҳақида қарор қабул қилди. ЎзЛиДеПдан ташқари, Ўзбекистон Халқ-демократик партияси (ЎХДП), “Миллий тикланиш” Ўзбекистон Демократик партияси, “Адолат” Социал-демократик партияларига ҳам зарур хужжат ва имзо бланклари топширилган эди.

Бундан олдин партияларнинг пленумлари ўтказилиб, уларда президент сайловларида қатнашиш ҳақида қарор қабул қилинган эди. Хусусан, Ўзбекистон Халқ демократик партияси ушбу партия Марказий Кенгаши раиси Ҳотамжон Кетмонов номзодини, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси парламентдаги партия фракцияси аъзоси, Ўзбекистон Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш миллий маркази директори Акмал Саидов номзодини, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси мазкур сиёсий партия ижроя қўмитаси раиси Наримон Умаров номзодини кўрсатган эди.

Ўзбекистонда бундан олдинги президент сайловлари 2007 йилда ўтказилган, унинг якунларига кўра Ислом Каримов 7 йил муддатга давлат раҳбари этиб сайланган эди. У мамлакатни 1989 йилдан бери бошқариб келмоқда.

Янгилик билан ўртоқлашиш: