Ислом Каримов Ўзбекистон ва Жанубий Корея ўртасидаги янги келишувни тасдиқлади
Тошкент. 27 октябр. ЎзТАГ – Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг 2014 йил 17 октябрдаги ПП–2247 сонли қарори билан Ўзбекистон Республикаси ҳукумати ва Жанубий Корея Республикаси ҳукумати ўртасидаги беғараз ёрдам тўғрисидаги Ҳадли битим тасдиқланди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) Norma.uz сайтида жойлаштирилган маълумотга асосланган ҳолда.
Қарорга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистон Республикаси томонидан мазкур халқаро шартнома кучга кириши учун зарур бўлган ички давлат тартиб-таомиллари бажарилгани тўғрисида тегишли билдиришнома йўллайди.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар маҳкамаси ҳамда тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарларига ушбу шартнома кучга киргандан кейин белгиланган тартибда бажарилиши устидан назоратни таъминлаш топширилди.
Эслатиб ўтамизки, мамлакатлар ўртасидаги битим 2014 йил 17 июнда Тошкентда имзоланган эди.


