Ислом Каримовнинг Қозоғистонга расмий ташрифи бошланди
Тошкент. 25 ноябр. ЎзТАГ - Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг Қозоғистонга расмий ташрифи бошланди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) ўзбек давлати раҳбарининг матбуот хизмати хабарига асосланган ҳолда.
Куни кеча И.Каримов Остона шаҳрига келди.
Шу куннинг ўзида икки давлат раҳбарларининг учрашуви бўлди. Мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантиришнинг муҳим масалалари, Марказий Осиё ва унинг атрофидаги вазият, шунингдек, томонларни қизиқтирган долзарб халқаро муаммолар муҳокама қилинди.
Ҳар икки мамлакатда олий даражадаги ушбу мулоқотга Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги кўп қиррали муносабатларни янада ривожлантириш, ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларини белгилаб олишнинг муҳим омили сифатида қаралмоқда.
Ташрифнинг асосий воқеалари 25 ноябрга мўлжалланган. Президентлар тор доирада ва икки мамлакат делегациялари иштирокида музокаралар ўтказадилар.
Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги ҳамкорлик ривожи нафақат узоқ истиқболга мўлжаллангани, балки бутун Марказий Осиёнинг барқарорлиги ва фаровонлигига хизмат қилиши билан ҳам муҳим аҳамиятга эгадир.
Мустаҳкам шартномавий-ҳуқуқий ҳужжатлар мажмуи ўзаро ҳамкорликнинг барча соҳаларини қамраб олган. 1998 йилда имзоланган Абадий дўстлик тўғрисидаги шартнома, 2013 йилда имзоланган Стратегик шериклик тўғрисидаги шартнома унинг асосини ташкил этади, дейилади хабарда.


