Ислом Каримовнинг сайловолди тарғиботи бўйича биринчи учрашуви Қашқадарё вилоятида бўлиб ўтди

Дата: 12:22, 20-02-2015.

Қарши. 20 феврал. ЎзТАГ – Куни-кеча Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод бўлган Ислом Каримов Қашқадарё вилояти сайловчилари билан учрашди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Бу Ислом Каримовнинг сайловолди тарғиботи доирасидаги биринчи учрашуви бўлди. Режага кўра, у мамлакатнинг бошқа ҳудудларига ҳам ташриф буюради.

“Ислом Каримовнинг сайловолди дастурида Ўзбекистонни ҳар томонлама тараққий эттириш, кенг кўламли иқтисодий-ижтимоий ислоҳотларни изчил давом эттириш, аҳоли даромадлари ва ҳаёт сифатини муттасил ошириб боришга доир муҳим йўналишлар ўз ифодасини топган. Хусусан, иқтисодиётни модернизациялаш, янги саноат корхоналари барпо этиш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни янада кенг ривожлантириш, иқтисодиётда давлат иштирокини қайта кўриб чиқиш, қишлоқ хўжалигида таркибий ўзгаришларни амалга ошириш ва озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлаш, маҳаллийлаштириш дастурларини давом эттириш, инвестициявий муҳитни янада яхшилаш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва ҳаёт даражасини ошириш каби масалаларга алоҳида эътибор қаратилди”, – деб таъкидлади Қашқадарё вилояти ҳокимиятидаги манба.

Эслатиб ўтамизки, Ўзбекистондаги навбатдаги президент сайловлари 2015 йил 29 мартда бўлиб ўтади.

Ўзбекистонда бундан олдинги президент сайловлари 2007 йилда ўтказилган, унинг якунларига кўра Ислом Каримов 7 йил муддатга давлат раҳбари этиб сайланган эди. У мамлакатни 1989 йилдан бери бошқариб келмоқда.

Янгилик билан ўртоқлашиш: