Ислом корпорацияси “Трастбанк” ўзбек банкига молия линиясини тақдим этади

Дата: 09:04, 11-07-2018.

Тошкент. 11 июл. ЎзТАГ – Хусусий тармоқни ривожлантириш бўйича Ислом корпорацияси “Трастбанк” ўзбек банкига молия линиясини тақдим этади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“2018 йилнинг 9 июлида “Трастбанк” хусусий акциядорлик банки Бошқаруви Раиси Сардор Нормухамедов бошчилигидаги делегациянинг Жидда шаҳрига (Саудия Арабистони) қилган ташрифи доирасида “Трастбанк” ХАБ ва Хусусий тармоқни ривожлантириш бўйича Ислом корпорацияси (ХСРИК) ўртасида молиялаштириш линиясини ажратиш тўғрисидаги Битими имзоланди”, - дейилади ўзбек банкининг хабарида.

Таъкидланишича, ушбу битимни имзолаш 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишларини амалга ошириш бўйича Ҳаракатлар Стратегияси ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 20 декабрдаги “Халқаро ва хорижий молия институтлари билан ҳамкорликнинг самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3439-сонли қарорида белгиланган устувор вазифаларни амалга оширишда халқаро молия институтлари билан ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш йўлидаги муҳим воқеа бўлди.

Битимнинг мақсади Ўзбекистон Республикасида замонавий технологик ускуналар ва бошқа асосий воситаларни сотиб олиш йўли билан кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришдан иборат.

“Келишув шартларига мувофиқ, тақдим этиладиган лойиҳалар Шариат қонунига мувофиқ бўлиши керак”, - деб қайд этилади хабарда.

Мазкур кредит линияси банк томонидан кўрсатилаётган хизматлар кўламини кенгайтиришга, тадбиркорлик ва кичик бизнесни жадал ривожлантиришга, қолаверса янги иш ўринларининг яратилишига мустаҳкам замин яратиши режалаштирилмоқда.

Сурат манбаи: https://forbes.kz/finances/markets/islamskoe_finansirovanie_pronikaet_na_ryinok_kazahstana/

Янгилик билан ўртоқлашиш: