Ҳисоб палатаси ўтган йилда давлатга 75,9 млрд сўм олиб келди
Тошкент. 1 апрел. ЎзТАГ – Ўзбекистон Ҳисоб палатаси томонидан кўрилган чора-тадбирлар натижасида 2015 йилда давлат фойдасига 75,9 млрд сўм ундирилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Ушбу маълумотлар Ҳисоб палатасининг ОлийМажлис Сенатининг 31 мартдаги ялпи мажлисида очиқланди.
Сенат матбуот хизматидан хабар беришларича, Ҳисобот йилида Ҳисоб палатаси томонидан мамлакатнинг 90 та муассасасида 30 та назорат йўналиши бўйича назорат тадбирлари ўтказилди. Мамлакатнинг айрим минтақаларида биргаликда олиб борилган текширувлар натижалари бўйича маҳаллий бюджетларнинг даромад базасини кўпайтириш ва харажатларини мақбуллаштириш юзасидан қўшимча захиралар белгилаб олинди, шунингдек, давлат дастурларини рўёбга чиқариш юзасидан кўрилаётган чора-тадбирларга баҳо берилди.
Назорат тадбирлари якунларига кўра текширилган вазирликлар ва идоралар манзилига Ҳисоб палатасининг 28 та кўрсатмаси юборилди. Ушбу кўрсатмалар текширув давомида аниқланган қонун ҳужжатлари бузилишини бартараф этишга доир тадбирлар рўйхатидан, шунингдек, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштиришга доир таклифлардан иборат.
Ҳисоботни муҳокама этиш чоғида сенаторлар Ҳисоб палатасининг назорат тадбирларини кучайтириш ва самарадорлигини оширишга, молиявий ҳуқуқбузарликларни камайтириш бўйича зарур чора-тадбирлар кўришга ҳамда келажакда уларнинг олдини олишга қаратилган ўз тавсияларини берди. Давлат бюджети ижро этилиши устидан парламент назоратини амалга ошириш соҳасида Ҳисоб палатаси ва Олий Мажлис ҳамкорлигини кучайтиришга доир таклифлар ишлаб чиқилди.