Исроил Қишлоқ хўжалик вазири Ўзбекистонга ташриф буюрмоқда

Дата: 13:04, 20-06-2014.

Тошкент. 20 июн. ЎзТАГ – 2014 йилнинг 26-30 июн кунлари Ўзбекистонга Исроил Қишлоқ хўжалик вазири Яир Шамир расмий ташриф буюради, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Исроил элчихонасидан хабар қилишларича, делегация таркибига қишлоқ хўжалиги, замонавий ирригация технологиялари соҳаларига ихтисослашган тадбиркорлар гуруҳи қўшилган.
Ташриф доирасида исроил томони кичик, ўрта бизнес субъектлари ва фермер хўжаликлари учун замонавий қишлоқ хўжалик технологияларига бағишланган семинар ташкил қилиниши режалаштирилмоқда. Ушбу тадбир доирасида иссиқхона мажмуалари, томчилаб суғориш, қишлоқ хўжалик ва сут маҳсулотларини қайта ишлаш, уруғчилик соҳаларида ишловчи исроил компанияларининг тақдимотлари ўтказилади.
Эслатиб ўтамизки, бугунда Исроилда суғориш мақсадларида йилига 1,2 млрд кубометр сув ишлатилади. Унинг учдан икки қисми табиий манбалар, учдан бир қисми эса шўр ер сувлари ва оқава сувларни тозалаш ҳисобига олинади.
Кейинги 30 йил ичида Исроилда қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ишлаб чиқариш 5 баравардан зиёд кўпайди, бунга кетадиган сув ҳажми эса янги технологияларни ишлатиш ҳисобига илгариги даражада қолди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: