Истомин ҳозир кучли рақибларлар билан ўйнай олиши ва уларга бас кела олишини ҳис қилаётганини маълум қилди

Дата: 17:13, 19-01-2017.

Тошкент. 19 январ. ЎзТАГ – Ўзбек теннисчиси Денис Истомин Eurosport.ru сайти эълон қилган учрашувдан кейинги интервьюсида ҳозир кучли рақибларлар билан ўйнай олиши ва уларга бас кела олишини ҳис қилаётлагини маълум қилди, деб хабар беради ЎзТАГ.

“Новакдан бундай яхши ўйнаганим учун узр сўрайман! Мен ўзимни ҳам ҳайрон қолдирдим. Жамоамиз, онамга катта раҳмат. Яхши ишладик. Буни нишонласа арзийди. Томошабинларга ҳам қўллаб қувватлашгани учун ҳам раҳмат!”, - деди Д.Истомин Жим Курьега кортдан туриб берган интервьюда.

Ўзбек теннисчиси 3-сетдан бошлаб томири тортишгани, лекин унга қарамасдан ўзини яхши сезганини ҳам айтиб ўтди.

“Бу фаолиятимдаги энг катта ғалабалиги аниқ. Ушбу ғалабанинг аҳамияти катта. Ҳозир кучли рақиблар билан ўйнай олишим ва уларга бас кела олишимни ҳис қиляпман”, - деди 30-ёшли спортчи ғалабаси аҳамияти ҳақидаги саволга жавоб бера туриб.

“Вазиятдан завқ олинг ва кейинги учрашувда сизга омад ёр бўлсин”, - деди Жим Курье интервью сўнгида ўзбек теннисчисига.

Ўз навбатида, Новак Жокович ўйиндан кейинги матбуот анжуманида Д.Истомин ундан кўра яхшироқ ўйнаганини тан олди.

“Дениснинг имкониятлари юқори баҳоланмаган эди, лекин у учрашувнинг муҳим пайтларида ҳеч қандай асабийлашмади. Фаолиятида катта учрашувлар кўп бўлмаган бўлса-да, унинг катта тажрибаси бор. Лекин айнан бугун ва айнан ушбу ўйинда у шунчаки яхши ўйнади”, - деб иқтибос келтиради Жоковичдан турнирнинг расмий сайти.

Олдин хабар берилгани каби, Д.Истомин Australian Open 2017да дунёнинг 2-ракеткаси серб Н.Жокович устидан сенсацион ғалаба қозонди.

4 соат 49 дақиқа давом этган учрашув 7:6, 5:7, 2:6, 7:6, 6:4 ҳисобида ўзбек теннисчиси фойдасига ҳал бўлди.

Бугунги кунда 30-ёшли ўзбек теннисчиси профессионал теннисчилар (ATP) рейтингида 117-ўринда бўлса, серб теннисчиси 2-поғонада бормоқда.

Маълумот ўрнида, Australian Open 2017нинг учинчи доирасида ўзбекистонлик теннисчи 25 ёшли испаниялик Пабло Карреньо-Буста билан ўйнайди. У олдинги турда британ Кайл Эдманд устидан 3:0 ҳисобида ғалаба қозонган.

Эслатиб ўтамизки, теннис бўйича Австралиянинг очиқ чемпионати (Australian Open Tennis Championships) – Катта Дубулға туркумига кирувчи тўрт турнирдан биридир. У Мельбурн шаҳрида маҳаллий “Мельбурн Парк” мажмуи кортларида ўтказилади. Икки ҳафта давом этувчи мусобақада катталар ўртасида беш тоифада, катта юниорлар ўртасида тўрт тоифада ғолиблар аниқланади.

Australian Open-2017нинг ялпи соврин жамғармаси 50 млн австралия долларига ($36,2 млн) тенг. Қоидага кўра, эркаклар ва аёллар ўртасида ғолибларнинг ҳар бири $2,68 млндан оладилар.

Янгилик билан ўртоқлашиш: