Итальян ишбилармонлик газетаси Ўзбекистонни европа сайёҳлари учун устивор йўналиш сифатида тан олди

Дата: 17:26, 17-07-2017.

Тошкент. 17 июл. ЎзТАГ – Ўзбекистон ilSole24ore итальян ишбилармонлик газетасининг 2017 йил ёзида Евроҳудуддан саёҳатларнинг қизиқарлилиги бўйича рейтингида дунё мамлакатлари орасида 1-2-ўринларни олди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) Давлат туризм қўмитаси хабарига асосланган ҳолда.

Рейтинг ilSole24oreнинг “Жаҳон молияси ва бозорлари” бўлимида чоп этилган. У газета ва lg компаниясининг экспертлари томонидан тузилган бўлиб, “Арзон дам олиш? Евро ҳали кучга эга бўлган етти жой” номи остида эълон қилинган.

Таҳлилий материалда Ўзбекистон 5 йўналиш: “алмаштириш курси”, “яшаш қиймати”, “авиачипталар нархи”, “мамлакат таваккалчилиги” ва “иқлим” йўнанишлари бўйича Хитой билан биргаликда Евроҳудуддан саёҳатларнинг қизиқарлилиги бўйича рейтингида дунё мамлакатлари орасида 1-2-ўринларни олгани қайд этилган.

 Тадқиқотни тузишда The Economist британ журнали томонидан ҳисоблаб чиқилган BigМаc индекслари, Numbeo порталининг “Дунё мамлакатларида халқ истеъмоли моллари” бўлими ахборотлар базасидан фойдаланилган.

 lg ширкати стратеги Филиппо Диодовичнинг фикрига кўра, Ўзбекистон фойдали алмаштириш курси, яшаш қийматининг пастлиги, авиачипталар нархи бўйича европаликлар учун қизиқарли ҳисобланади.

Эслатиб ўтамизки, ilSole24ore газетаси 1965 йилда ташкил этилган бўлиб, Италиядаги етакчи оммабоп нашрларан биридир. Унинг кунлик адади 158,3 мингтага тенг бўлиб, электрон обуначилари сони 87 мингтага тенг.

Янгилик билан ўртоқлашиш: