Ҳитойнинг Beijing Triumph компанияси Ўзбекистонда минтақадаги энг йирик цемент заводини қуради
Тошкент. 3 ноябр. ЎзТАГ – Ҳитойнинг Beijing Triumph International Engineering Со компанияси ва “Оҳангаронцемент” АЖ (“ЕВРОЦЕМЕНТ груп”га киради) Ўзбекистонда “қуруқ услубда” маҳсулот ишлаб чиқарувчи янги цемент заводини қуриш ҳақида шартнома имзоладилар, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Умумий қиймати $160 млнлик шартнома лойиҳалаш, қурилиш, етказиб бериш, ускуналарни тайёрлаш ва ўрнатиш, ходимларни ўқитишни ичига олади. “Оҳангаронцемент” АЖ корхонаси базасидаги завод 2020 йилда ишга тушади.
“Ишлаб чиқариш қуввати йилига 3 млн тоннани ташкил этувчи завод Марказий Осиёдаги энг йирик шу каби корхона бўлади ва европа ишлаб чиқарувчиларининг юқоритехнологик ускуналари билан жиҳозланади”, - деб таъкидланади “Оҳангаронцемент” хабарида.
Лойиҳанинг амалга оширилиши рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқарилиши кенгайишига, иқтисодиётда энергия сарфи камайишига, ресурс тежовчи технологиялар жорий этилишига кўмаклашади.
“Ўзбекистон жадал ривожланмоқда. Қурилиш материаллари истеъмоли ошмоқда. “Оҳангаронцемент” қувватлари 100% ишлатилмоқда. Маҳсулотга талаб ҳамма жойда ўсмоқда. Янги цемент заводининг қурилиши ички талабни қондириб, экспортни кўпайтиради”, – деди “Евроцемент груп” директорлар кенгаши раиси Филарет Гальчев.