IUT ва Uzmobile биргаликда инновациялар ишлаб чиқади

Дата: 16:37, 23-05-2016.

Тошкент. 23 май. ЎзТАГ – Тошкент шаҳридаги Инҳа университети (IUT) ва “Ўзбектелеком” АКнинг “ Uzmobile” филиали ахборот ва коммуникация технологиялари соҳасида инновацион лойиҳаларни ривожлантириш борасида ҳамкорлик тўғрисида битим имзолашди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Мазкур келишув доирасида “Uzmobile” ва Тошкент шаҳридаги Инҳа университети инновацион бизнес-андозаларни ривожлантириш, ҳамда ИТ-бозорини ривожланишга қаратилган маҳаллий техник start-up лойиҳалар соҳасида ҳамкорликда ишлаш режалаштирилган”, - дейилади ОТМ хабарида.

Шунингдек, битимни имзолаш маросими Google I/O 2016 Extended IUT конферецияси доирасида 22 май куни ўтказилгани таъкидланган. Аниқлаштирилишича, конференция Ўзбекистон IT жамиятини Google компаниясининг инновацион маҳсулотлари ва ечимлари билан таништириш мақсадида ташкил этилган.

“Келишув имзоланиши билан, “Uzmobile”да ишлаб чиқариш амалиётларига жалб этиш йўли билан Университетимиз талаба ва битирувчиларининг амалий имкониятлари кенгаяди. Шу билан бир қаторда биргаликда тадбирлар ва илмий изланишлар, инновацион ишланмалар жорий этиш бўйича конкурс ва хакатонлар ташкиллаштириш, мобил бозор ва электрон коммерция ўсиш ва ривожланишига қаратилган мобил илова ва сервислар ишлаб чиқариш кўзда тутилган”, - дея изоҳлади Тошкент шаҳридаги Инҳа университети қошидаги Инновациялар ва саноат кооперацияси маркази директори Санжар Саидхўжаев.

Янгилик билан ўртоқлашиш: