IUTнинг ўн талабаси Инха Университетининг Корея Республикасидаги ёзги мактабида иштирок этади

Дата: 17:20, 15-06-2017.

Тошкент. 15 июн. ЎзТАГ - Тошкент шаҳридаги Инҳа университетининг 10 нафар талабалари 2017 йилнинг 17 июл – 4 август кунлари Корея Республикасидаги Инҳа университетининг Ёзги мактабида иштирок этадилар. Бу ҳақида Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги матбуот хизмати хабар қилди.

“Ибрат Обидов, Ниғматжон Анваров, Тўлқинжон Исоқов, Малика Жўраева, Жамолиддинхўжа Одилхўжаев, Достонхон Озодхўжаев, Илҳом Раҳимов, Абдул Жамол Салим, Ирода Ўлмасбоева ва Дархонбек Маматалиевлар Корея Республикасидаги Инҳа университетининг Ёзги мактабида бепул қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритдилар”, - дейилади хабарда.

Қайд этамизки, ёзги мактабнинг 10 нафаридан 9 нафари 2017 йилнинг февраль-апрель ойларида университетда ўтказилган ички танловларда ғолиб чиқишди. Дархонбек Маматалиев Тошкент шаҳридаги Инҳа университетидаги фаол иштироки ҳамда CodeCraft курсининг ривожланишига қўшган ҳиссаси учун Кореядаги Ёзги мактабда иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди.

“Ёзги мактабда талабалар “Корейс тили”, “Сиёсат ва Шарқий Осиёнинг халқаро муносабатлари”, “Корея ва унинг маданияти”, “Кореяда бизнес ва иқтисодиёт”, “Келажакнинг янги технологиялари” ва бошқа шу каби курсларда иштирок этадилар. Шунингдек, талабалар Корея Республикасининг маданий ва туристик диққатга сазовар жойлари билан танишиш имкониятига эга бўладилар”, - дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамизки, жорий йилда Тошкент шаҳридаги Инҳа университети талабалари Корея Республикасидаги Инҳа университетининг Ёзги мактабида учинчи маротаба иштирок этадилар.

Янгилик билан ўртоқлашиш: