Кўп тармоқлар бўйича Марказий Осиё мамлакатлари иқтисодиёти бир-бирини тўлдиради – Жеймс Дурсо
Тошкент. 27 ноябр. ЎзТАГ – Кўп тармоқлар бўйича Марказий Осиё мамлакатлари иқтисодиёти бир-бирини тўлдиради, деб ҳисоблайди америкалик колумнист Жеймс Дурсо, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Ушбу фикр унинг “Ўзбекистоннинг ташқи сиёсати – минтақавий сиёсат” номли мақоласида акс этган.
“Жеймс Дурсо “Марказий Осиё республикалари нимага урғу беришлари зарур” деган савол бериб, “Мумкин бўлган вариантлардан бири – иқтисодиёт. Катта ҳисобда минтақа мамлакатлари ўзаро рақобатчи эмас, балки кўп тармоқлар бўйича бир-бирини тўлдиради. Айни пайтда асосий товар айланмаси хориж билан амалга оширилмоқда, ичкиминтақавий савдо эса 1990 йилдаги кўрсаткичга етгани йўқ”, - дейилади мақолада.
Шундан сўнг қайд этилишича, минтақа давлатлари ушбу йўналишда илгариламоқда. Бу Ш.Мирзиёевнинг бошқа етакчилар билан шахсий алоқаларини йўлга қўйгани билан боғлиқ. “Яқинда имзоланган трансчегаравий хавфсизлик, солиққа тортиш ва савдога доир ўзбек-қозоқ келишувлари бунга ёрқин мисол бўлиши мумкин. Хорижий инвестор бу келишувларнинг самарали бажарилишини диққат билан кузатишади, чунки ўзаро ҳамкорликни йўлга қўя олмаган қўшнилар инвестициялар учун яхши объект бўла олмайди”, - дейилади хабарда.
Дурсонинг ёзишича, Ўзбекистон президенти яқинда “Марказий Осиё мамлакатларининг самарали ҳамкорлиги кейинги ўн йилларда минтақавий ЯИМ камида икки маротаба ошириши мумкин”лигини баён қилди.
Эслатиб ўтамизки, 2017 йил 22 ноябрда The Hill нуфузли америка нашрида “Ўзбекистоннинг ташқи сиёсати – минтақавий сиёсат” номли мақола эълон қилинди.
Материал ушбу нашр колумнисти ва Corsair LLC консалтинг компанияси ижрочи директори Жеймс Дурсо томонидан унинг Ўзбекистонга ташрифи ва жорий йил 10-11 ноябрда БМТ шафелигида Самарқандда ўтказилган Марказий Осиёда хавфсизликни таъминлаш ва барқарор ривожланиш муаммоларига доир халқаро конференциядаги иштироки якунлари бўйича ёзилган.