“Кафолат” суғурта компанияси онлайн хизматларни кенгайтирмоқда

Дата: 15:49, 10-07-2014.

Тошкент. 10 июл. ЎзТАГ – “Кафолат” ўзбек давлат-акционерлик суғурта компанияси мижозлари эндиликда ушбу суғуртачи томонидан кўрсатилаётган хизматлардан “Kafolat-Online” интернет тизими орқали ҳам фойдаланишлари мумкин, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Компаниядан хабар беришларича, бугунда “Kafolat-Online” ахборотлар базаси автоматлашган тизимида суғуртанинг кўнгилли турлари бўйича йил бошидан бери тузилган 96 минг шартномалар тўғрисида маълумотлар мавжуд.
Келажакда ушбу тизимда “Кафолат” компаниясининг суғурта ва молия фаолияти, кадрлар сиёсатига доир барча маълумотларни жамлаш режалаштирилмоқда.
Эслатиб ўтамизки, “Kafolat-Online” маълумотлар базаси ўтган йилнинг декабрида йўлга қўйилган эди.
“Кафолат” АЖ суғурта компанияси Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йилдаги қарорига мувофиқ ташкил этилган. Бугунги кунда компания таркибида 155 ҳудудий бўлим, шу жумладан, 15 филиал, 38 бўлинма ва 102 агентлик мавжуд.

Янгилик билан ўртоқлашиш: